среда, 9 декабря 2020 г.

Профессор бўлолмаган Мадхури


Маҳоратли раққоса, Болливуднинг Мэрилин Монроси, икки ўғилнинг меҳрибон онаси, микробиология бўйича профессор бўлишни орзу қилган аёл. Бу таърифларнинг бари Мадхури Диксит ҳақида. Ижоди бироз омадсиз бошланган бўлса-да, Мадхури бир неча йилдаёқ энг гўзал ҳинд актрисалари қаторига қўшилди ва Парвин Баби ҳамда Зинат Омон сингари назокатли актрисаларнинг ўрнини эгаллади. Унинг рақибаларидан фарқи шундаки, у камерада ўзини кўрсатишни биладиган чиройли нодон аёл эмас. У мактабда тўлиқ ўқиб, микробиология бўйича бакалаврлик дипломига эга актриса. Айнан шунинг учун ҳам режиссёрлар уни ҳурмат қилишади. Назокатли актрисанинг заковати унга янада латофат бағишлайди.

Мадхури 1967 йил 15 майда Мумбайда маратхи тилида сўзлашадиган олий табақага мансуб ҳиндлар оиласида туғилган. Онасининг исми — Снехлата, отаси — Шанкар. Бундан ташқари, Мадхурининг Рупа ва Бхарати деган икки опаси ва Ажит исмли акаси бор. Болалигида Мадхури актрисалик ёки раққосаликни орзу қилмаганди, лекин мумтоз рақс — катхакни зўр қунт билан ўрганди. Мактабда намунали ўқиган Мадхури Бомбейдаги Парле коллежининг микробиология бўлимига ўқишга кирди. Бакалаврлик дипломини олгандан кейингина актриса бўлиш ҳақида ўйлаб қолди. 1986 йилда у “Rajshri Productions” студиясининг таклифини қабул қилиб, “Abodh” фильмида ўйнади. Афсуски, картина инқирозга учради, Мадхурига эътибор беришмади, натижада у кичик роллар ва рақс саҳналарини ўйнашга мажбур бўлди. Режиссёр Субхаш Гхаи актрисани “Karma” фильмига таклиф қилиб, унинг рақсига мафтун бўлди ва агар у иккинчи даражали лойиҳаларда ўйнашни бас қилса, яхши ролга таклиф этишга ваъда берди. Мадхури бу талабни бажарди, Гхаи эса уни “Uttar Dakshin”га таклиф қилди. Бундан ташқари, унинг суратини қатор журналларда чоп эттириб, энг машҳур киночилар у билан шартнома имзолаганини айтди. Мадхури Гхаининг яна бир фильми — “Ram Lakhan”да (1988) суратга тушди. Бу унинг илк хити бўлиши керак эди. Бироқ актриса фильм премьерасидан аввалроқ “Tezaab” фильмидаги “Ek, do, teen” қўшиғига ишланган рақс саҳнаси билан томошабинлар юрагини забт этишга улгурди. Ниҳоят, унга эътибор беришди. Болливуднинг етакчи режиссёр ва продюсерлари энди чиндан ҳам истеъдодли қизни пайқашди.

90-йиллар Мадхурининг ижодида энг бахтиёр давр бўлди. 1990 йилда “Энг яхши актриса” номинациясида илк “Filmfare” мукофотини олиб келган “Dil” экранга чиқди. Режиссёр Индра Кумар билан ҳамкорлик Мадхури учун омадли бўлди: “Beta” (1991) иккинчи “Filmfare”ни тақдим этди,“Raja” (1995) эса хит бўлди. Шундан сўнг актрисага “Аёл Амитабх Баччан” деб лақаб қўйишди.

1994 йилда “Hum Aapke Hain Koun” (“Биз сизга киммиз?”) фильми экранларга чиқди. Бу картина ҳалигача ҳинд киносининг энг мегахитларидан саналади. Фильмдаги роль Мадхурига яна битта “Filmfare”ни олиб келди. Лекин шахсий ҳаёт у қадар кўнгилдагидек эмасди. Актёр Санжай Датт Мадхурининг яқин дўсти эди. Иккови ҳам тарқалган миш-мишларни рад этиб, ўрталарида фақат дўстлик борлигини айтишарди. Аммо Санжай Мадхури учун оғир касал хотини Ричи ва қизи Тришалани ташлаб кетишга розилигини тушунди. Жанжал чиқди. 1992 йилда Ричи Мадхурига очиқ хат юбориб, эрини қайтаришни талаб қилди. Йил охирида эса Санжайни террорчиликка дахлдорликда айблаб, ҳибсга олишди. Сариқ матбуот Мадхурига ҳужум бошлади. Журналларда энг хунук миш-мишлар босилди. Ҳатто ишдаги муваффақият ҳам уни тушкунликдан қутқариб қололмади.

1995 йилдан Мадхурининг ижодида ҳам оқсаш кузатилди. “Yaarana”, “Rajkumar”, “Prem Granth”, “Mahaanta” — ижарада бирин-кетин инқирозга учради. “Koyla” (“Изҳорсиз муҳаббат”) фильмидан кейин эса режиссёр Ракеш Рошан Мадхури ортиқ ёш қизларни ўйнолмаслигини айтиб, анчагача актрисага эътироз қилиб юрди. Журналистлар эса Санжай Датт билан боғлиқ можароларда (ичкиликка берилиш, наркотик истеъмол қилиш, хотини Ричининг ўлими, ўз жонига қасд қилишга уриниш) унинг исмини тилга олишдан чарчашмасди.

Мадхурининг ижодига “тамом” деб хулоса чиқариш мумкин эди. Лекин Ракеш Рошаннинг фикрига қўшилмайдиган режиссёрлар ҳам топилди. 1997 йилда Мадхурига шуҳратини қайтарган иккита фильм — Пракаш Жханинг “Mrityudand” ва Яш Чопранинг “Dil To Paagal Hai” (“Девона қалб”) картиналари чиқди. Яш Чопранинг маҳсулоти 1997 йилнинг энг кассабоп фильми бўлди, Мадхури эса яна бир марта “Filmfare” олди. Ҳаёт изга туша бошлади. 1998-99 йилларда экранга чиққан фильмлар (“Wajood”, “Gajagamini”, “Pukar”, “Engineer”)ни омма жуда яхши кутиб олди. Шахсий ҳаётда ҳам ўзгаришлар юз берди. 1999 йил июнда Мадхури яқинларининг ташаббуси билан АҚШда яшаётган кардиожарроҳ Шрирам Нене билан танишди. Бир неча ойдан сўнг, 17 октябрда Мадхури ва Шрирам турмуш қуришди. Ҳинд киноси суперюлдузи Нене хонимга айланиб, Американинг Денвер шаҳрида яшай бошлади. Лекин у кинони тарк этмади: режиссёр Санжай Лила Бхансалининг “Devdas” фильмида Чандрамукхини талқин қилди. Буюк романнинг янги киноталқини томошабинлар юрагини титратибгина қолмай, танқидчиларни ҳам лол қолдирди. Фильм Каннда намойиш этилди.

Мадхурига яна таклифлар ёғилди, аммо энди у таклифларни қабул қилолмасди. 2003 йил март ойида актриса тўнғич ўғли Аринни дунёга келтирди. 2005 йил март ойида актрисанинг иккинчи ўғли Арьян туғилди. Ниҳоят, 2007 йилда Мадхури мухлисларини хурсанд қилиб, Адитья Чопранинг таклифига рози бўлди ва “Yash Raj Films”нинг “Aaja Nachle” фильмида суратга тушди. Фильм хит бўлмаса-да, тузук касса тўплади.

Мадхурига ҳали ҳам кўп режиссёрлар турли ролларни таклиф қилишяпти, лекин актриса энди етти ўлчаб, бир кесиш ниятида. Яқинда яқин ҳамкасби Анил Капур унга бир фильмда қизи Сонам Капурнинг онасини ўйнашни таклиф этди, лекин Мадхури бу таклифга рози бўлмади...

КОМИЛА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

“Севги ва мусиқа”

“Севги ва мусиқа” (“Sangeet”) – режиссёр. К. Вишванатнинг ҳиндий тилидаги 1992 йилда экранларга чиқан фильми. Бош ролларни Жеки Шрофф ва М...

Оммабоп мақолалар