понедельник, 14 декабря 2020 г.

“Жиноятчи аёлни ўйнамайман”


Фарзандлар тарбияси билан машғул бўлган Мадхури севимли ишини тарк этолмади. Рақсга бағишланган шоуда ҳакамлик қилишдан ташқари, актриса ҳозирда иккита янги фильмда суратга тушяпти. “Dedh Ishqiya” ва “Gulab Gang” фильмларида. Бу картиналардан бирида Мадхури илк бор Аршад Варси, иккинчисида эса Жухи Чавла билан ҳамкорликди ишламоқда.

— Эрингиз ва фарзандларингиз сизнинг экранда рақс тушишингизни томоша қилишни ёқтиришадими? Улар қандай рақс тушишади?

— Эрим мусиқа ва рақсларни яхши кўради. Болаларим мактабда рақс тушишади, уйда эса бизга кўрсатишади. Улар Болливуднинг ҳамма рақсларини ўйнашади. Энди улар анча улғайиб қолган, нима бўлаётганини тушунишади.

— Янги фильмингиз ҳақида нималар дея оласиз?

— “Dedh Ishqiya” шуниси билан қизиққи, мен Носируддин Шоҳ ва Аршад (Варси) билан ишлайман. Фильмда фирибгарлар ҳақида гап боради. Мен “Ishqiya”ни кўрганман ва режиссёр Абхишек Чаубейнинг ишидан таъсирланганман. Шунингдек, Вишал Бхарадважнинг ишидан ҳам. Айнан шунинг учун фильмга рози бўлдим. Мен “Gulab Gang” ғояси қизиқлигини сездим. Мен жиноятчи аёлни ўйнамайман, фильм ҳам ашаддий жиноятчилар ҳақида эмас. Биз кичик қишлоқларга бориб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга уринадиган аёлларни ўйнаймиз.

— Ҳомиладорлик туфайли семирган аёллар доим ОАВнинг диққат-марказида бўлган. Сиз ҳам тўлишдингиз, лекин тез оздингиз.

— Фарзандингиз туғилганда, қарашларингиз ўзгаради. Ҳаммаси боланинг атрофида айланади, сиз у пайтда ўзингиз ҳақингизда ўйламайсиз. Ҳар бир она бу босқичдан ўтган. Шундай экан, бунинг нимаси муаммо бўлсин?

— Сиз бутунлай янги киносаноатга қайтдингиз...

— Ҳа, шундай. Бугун фильмлар техник жиҳатдан аввалгиларидан буткул фарқ қилади. Энди ҳиндий тилидаги фильмлар бутун дунёга тарқалгани учун эстетик жиҳатдан улар олдингиларидан анча ёқимлироқ. Мен баъзи эски фильмларимни кўриб, ғалати бўлиб кетаман. Лекин киносаноат ўшанда шундай эди. Бу менга чиндан ҳам ёқарди. Лекин ўзгаришларни кўриш ёқимли. Ҳозир майда-чуйдаларга ҳам эътибор берилаётгани менга ёқади.

— Киносаноатда дўстларингиз кўпми?

— Унчалик кўп эмас. Лекин хайрихоҳлар етарли. Шуни ҳам биламанки, агар уларда мен учун нимадир бўлса, албатта мурожаат қилишади. Лойиҳа менинг эътиборимни тортиши керак.

— Саҳнадаги биринчи рақсингиз...

— Биринчи марта саҳнага чиққанимда 3,5 ёшда эдим. Катхак рақсидан озгина ўйнаганман...

— Халқаро турне олдидан биринчи репетиция...

— 1991 йил эди. Анил Капур билан халқаро турнега борганман. Кассада хит бўлган ҳамкорликдаги “Tezaab” ва “Ram Lakhan” фильмларидан кейин.

— Амитабх Баччан иштирокида сиз биринчи марта кўрган фильм...

— Кинотеатрда — “Amar Akbar Anthony”. Турмуш ўртоғим Америкада яшаб ҳинди фильмларини кам кўрган. Лекин ундан ҳиндида кўрган биттагина фильми ҳақида сўраганимда, жавобни эшитиб ҳайрон қолганман. Буни қарангки, эрим мен билан танишгунга қадар кўрган биринчи ва ягона фильм “Amar Akbar Anthony” экан. Буни эшитганимда, роса ҳайратланганман.

— Камера қаршисидаги илк ишингиз...

— “Abodh” фильми. Мен камера қандай кўринишдалигини, суратга олиш майдончаси қандайлигини билмасдим. Мен деворга қараб машқ қилганман, қўлим девордан ўтгачгина суратга олиш шу эканлигини тушунганман. Унгача камера қаршисида умуман суратга тушмаганман.  

— Биринчи қўшиғингиз...

— У ҳам “Abodh” фильмига ишланган қўшиқ эди. Қўшиқни ибодатхонада суратга олишган. Ҳа, айнан ўша қўшиқ менинг биринчи қўшиғим бўлган.

— Биринчи марта атрофингизда одам тўпланган вақт...

— “Tezaab” фильмидан кейин. Мумбай аэропортида эдим, яқинроқда турган ёшлар — бир неча киши — пичирлашишни бошлади. Мен “Мохини” деган исмни эшитдим. Улардан бири: “Сиз “Tezaab” фильмидаги Мохинисиз-а?” деб сўради. Буни эшитиб, роса хурсанд бўлганман.

— Мухлиснинг биринчи хати...

— “Tezaab” фильмидан сўнг кўп хат олганман... Бундай муносабатдан жуда таъсирланганман. Ўшанда илк бор танилганимни ёки танилаётганимни тушунганман.

 КОМИЛА тайёрлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий

“Севги ва мусиқа”

“Севги ва мусиқа” (“Sangeet”) – режиссёр. К. Вишванатнинг ҳиндий тилидаги 1992 йилда экранларга чиқан фильми. Бош ролларни Жеки Шрофф ва М...

Оммабоп мақолалар